Вашингтонда 1 сентябрь “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилинди
Тегишли декларация шаҳар мери Мюриэл Боузер томонидан имзоланган.

АҚШ пойтахти Вашингтон мери Мюриэл Боузер 1 сентябрни шаҳарда “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” сифатида эълон қилувчи махсус декларацияни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Ҳужжатда Ўзбекистон Мустақиллиги кунининг аҳамияти, шунингдек, АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири экани қайд этилган.
Декларацияда Ўзбекистон бу йил ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаётгани таъкидланган. 1 сентябрь санаси ўзбек халқининг бой маданий мероси, эришган ютуқлари ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини эътироф этиш куни сифатида қайд этилган.
Вашингтон мери АҚШдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорлик алоқаларини ҳам алоҳида эътироф этди. Элчи Фурқат Сидиқов бошчилигидаги дипломатик корпус Вашингтон билан яқин ҳамкорлик қилиб, шаҳарнинг таълим ва маданий хилма-хиллигини ривожлантиришга ҳисса қўшаётгани қайд этилган.
“2026 йил 1 сентябрь Вашингтон ва Колумбия округида «Ўзбекистон Мустақиллиги куни» деб эълон қилинади”, дейилади декларацияда.
Аввалроқ АҚШнинг Сиетл шаҳри мери ҳам 1 сентябрни Ўзбекистон Мустақиллиги куни сифатида нишонлашга бағишланган ҳужжатни имзолаган эди.








