Ўзбекистон Биринчи хоними Корея Миллий сарой музейига ташриф буюрди
Зироат Мирзиёева ва Ким Хе Гён икки томонлама учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида мамлакат Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Корея Республикаси Биринчи хоними Ким Хе Гён ҳамроҳлигида Корея Миллий сарой музейига ташриф буюрди.

Музей экспозицияси орқали асрдан ортиқ вақт давомида Корея сиёсий ва маданий ҳаётида алоҳида ўрин тутиб келган Чосон қироллик сулоласининг асрлик тарихи ва бой маданий мероси билан танишиш мумкин.

Ўзбекистон Биринчи хонимига сулола вакилларининг қадимий қўлёзмалари ва шеърий асарлари, анъанавий либослар ҳамда ўша даврнинг турмуш тарзи, анъаналари ва бадиий меросини акс эттирувчи сарой маданиятига оид бошқа экспонатлар намойиш этилди.

Музей экспозицияси билан танишгандан сўнг, Зироат Мирзиёева ва Ким Хе Гён икки томонлама учрашув ўтказди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Корея халқларини кўп йиллик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий муштаракликка асосланган узвий ришталар боғлаб туриши таъкидланди.








