Мактабдаги отишма: Филиппинда 3 киши ҳалок бўлди
Мамлакатда сўнгги тўрт ой ичида мактабларда учинчи отишма содир бўлди.

Филиппиннинг жанубидаги Жанубий Котабато провинцияси Банга шаҳрида жойлашган мактабда отишма содир бўлгани қайд этилди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, ўнга яқин ўқувчи жароҳатланган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, отишмани 16 ёшли ўқувчи содир этган. Банга шаҳри мери Алберт Паленцианинг сўзларига кўра, у тушлик вақтида дўстларига уйларига кетишни айтган ва қандайдир режасини амалга оширмоқчи эканини билдирган. Бироқ унинг гаплари ҳазил сифатида қабул қилинган.
Шундан сўнг ўқувчи мактабдаги тенгдошларига қарата ўқ узган. Мернинг билдиришича, ҳужумчи кейинчалик ўз жонига қасд қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, барча жабрланганлар вояга етмаганлар. Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда экани айтилмоқда.
Reuters маълумотига кўра, бу Филиппинда сўнгги тўрт ой ичида мактабда содир бўлган учинчи отишма ҳисобланади. Июнь ойида Таклобан шаҳридаги мактабда юз берган отишмада камида уч ўқувчи ҳалок бўлиб, 20 га яқин киши жароҳатланган.
Ўтган ой эса Замбоанга шаҳрида ўқувчи синфдошини отиб ўлдирган ва кейинчалик ўз жонига қасд қилган.








