Ўқувчини уриб, судраган: Тошкентда ўқитувчи ўқувчини калтаклади
Ўқитувчига ҳайфсан берилиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги мактабда ўқувчиларни калтаклаган ўқитувчига нисбатан чора кўрилмоқда.
Маълум қилинишича, воқеа 15 сентябрь куни соат 08:40 атрофида содир бўлган. Ўша куни ўқитувчи икки нафар ўқувчига қўл кўтарган. Улардан бирини синфда судраб, бир неча бор ургани ва унга тан жароҳати етказгани айтилмоқда.
Ўқувчилардан бирининг ота-онаси ҳолат юзасидан 102 га мурожаат қилган. Воқеа мактабдаги кузатув камераларига ҳам ёзиб олинган.
Хабарга кўра, ўқувчи ўқитувчини ҳақорат қилгани ортидан унга нисбатан жисмоний куч ишлатилган. Мактаб маъмурияти эса ҳолатни ўрганган.
Воқеа вақтида синфда бошқа бир ўқитувчи ҳам бўлган. У ҳамкасбининг ўқувчини калтаклаётганини кўрган бўлса-да, вазиятга аралашмаган ва синфни тарк этган. Мактаб директори мазкур хатти-ҳаракатни нотўғри деб баҳолаган.
Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Гуландом Жуманиёзованинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тушунтириш хатлари олинган ва ўқитувчига ҳайфсан берилган.
Шунингдек, ички ишлар ходимлари томонидан ҳам ўрганиш олиб борилмоқда. Ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳолатга масъулиятсиз ёндашган биология фани ўқитувчисидан ҳам тушунтириш хати олиниб, унга интизомий огоҳлантириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида ҳам мактабдаги можаро ортидан ўқувчи қизни синфдошининг онаси дарс вақтида чақиртириб, унга жисмоний куч ишлатгани хабар қилинган эди.








