Боғчада бола ўлими: Оҳангарондаги ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Бир нафар шахс гумон қилинувчи сифатида жалб этилган.

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Бош прократура расмий баёнот берди.
Аниқланишича, 2026 йил 28 август куни 2023 йил 16 июлда туғилган бола мактабгача таълим ташкилотининг ошхонасида турган ҳашаротларга қарши дори воситасини истеъмол қилиши оқибатида заҳарланган.
Унга Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасида зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, бола 30 август куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми — касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида бир нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилмоқда. Аниқланган ҳар бир ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.
Тергов натижалари ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда маълумот берилади.








