«Мен бошқаларнинг ўлишига йўл қўя олмасдим»: Flydubai капитани ҳужум тафсилотларини айтди
Flydubai рейсида иккинчи учувчи томонидан ҳужумга учраган Смит Маччҳар Ҳиндистон Бош вазири билан суҳбатлашди.

Ҳиндистон фуқароси бўлган Flydubai капитани Смит Маччҳар самолётни олиб қочишга уриниш вақтида оғир жароҳатланганидан сўнг, ҳодиса ҳақида илк бор сўзлаб берди. У иккинчи учувчининг ҳужумига қарамай қаршилик кўрсатишда давом этганини, чунки самолёт бортидаги барча йўловчилар ҳалок бўлиши мумкинлигини англаганини айтди.
Ҳодиса 30 сентябр куни Тель-Авивга йўл олган FZ 1073 рейси вақтида юз берган. Иккинчи учувчи кабинада Маччҳарга ҳужум қилган. Натижада самолёт бошқарувини йўқота бошлаган.
Шу пайтда бир неча йўловчи кабинага бостириб кириб, ҳужум қилган шахсни зарарсизлантиришга муваффақ бўлган. Бортдаги бошқа учувчилар самолёт бошқарувини ўз қўлига олган. Шундан сўнг ҳаво кемаси Саудия Арабистонига фавқулодда қўнган.
«Мен ҳаётим учун курашаётган эдим»
Маччҳар Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модига видеомулоқот чоғида воқеани сўзлаб берди.
«Ўша пайтда мен ҳаётим учун курашаётган эдим. Жароҳатларим шу қадар оғир эдики, йиқилиб тушдим. 'Агар ўрнимдан туролмасам-чи?' деб ўйладим», — деди у.
Унинг айтишича, 17 йилдан бери учувчи бўлиб ишлайди ва шундан 11 йил давомида ҳаво кемаси командири бўлган.
«Кўзларим юмилган бўлса ҳам, самолётим билан нима содир бўлаётганини биламан», — деди учувчи.
Шу сабабли у кабина полида ётганида самолёт пастлаётганини англаган.
«Полга ётганимда самолёт пастлаётганини ҳис қилдим. Бу қандай якунланишини аниқ тушунардим. Эшик жуда яқин эди. Мени уришда давом этишаётганига қарамай, уни очдим. Шунда қолганлар ичкарига киришди. Бу воқеада уларнинг роли ҳам меники каби муҳим бўлди», — деди Маччҳар.
У ўз ҳаракатлари билан нафақат ҳаётини сақлаб қолишга, балки бортдаги бошқа одамларнинг ҳам ҳалок бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилганини таъкидлади.
«Ҳа, мен буни ўз ҳаётимни сақлаб қолиш учун қилдим. Аммо айни пайтда бу одамларнинг барчаси ҳалок бўлишига йўл қўя олмаслигимни ҳам тушунардим. Шундан кейин бу ердаги одамлар менга шундай ёрдам ва тиббий кўмак кўрсатишдики, бундан яхшироғини тасаввур қилиш қийин», — деди у.
Маччҳар кўп қон йўқотган ва оғир жароҳатлар олган. Дастлаб унга Саудия Арабистонида тиббий ёрдам кўрсатилган, кейин эса Абу-Дабидаги шифохонага олиб кетилган. У ҳозир ҳам шу ерда даволанмоқда.
Иккинчи учувчи терроризм иши бўйича тергов қилинмоқда
Ҳужумда гумон қилинаётган иккинчи учувчи ҳам Саудия Арабистонидан Бирлашган Араб Амирликларига олиб келинган. Унга нисбатан терроризм иши бўйича тергов олиб борилмоқда.
БАА президентининг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Анвар Гаргаш ҳодисани «хавфли террорчилик ҳаракати» деб атаган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху айтишича, гумонланувчи Уммон фуқароси. Уммон ва Исроил ўртасида расмий дипломатик муносабатлар мавжуд эмас. Шу боис унинг Исроилга парвоз қилиш учун қандай қилиб рухсат олгани ҳозирча номаълум.
Ҳокимият иккинчи учувчининг шахсини ҳозирча ошкор қилмаган. Унинг ҳужумга нима сабаб бўлгани ва қандай қуролдан фойдалангани ҳам расман аниқланмаган. Нетаньяху ҳужумчи пичоқ ёки болта ишлатган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам гумонланувчи Эрон билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган, бироқ бу даъвосини тасдиқловчи далилларни келтирмаган.







