Каспийдаги фожиа: Тоқаев уч нафар юқори лавозимли ҳарбийни ишдан бўшатди
Улар орасида Қозоғистон ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони ҳам бор.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат Қуролли Кучларининг уч нафар юқори лавозимли ҳарбий хизматчисини лавозимидан озод қилди. Улар орасида Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Канат Ниязбеков ҳам бор. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, Каниш Абубакиров мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари ва Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, Алмаз Жумакеев эса мудофаа вазири ўринбосари лавозимларидан озод этилган.
Мазкур ўзгаришлар 24 сентябрь куни Манғистов вилоятида Каспий денгизида ўтказилган жанговар тайёргарлик машғулотлари вақтида юз берган фожиали ҳодисадан кейин амалга оширилган. Машғулотлар вақтида об-ҳаво кескин ёмонлашиб, 17 нафар ҳарбий хизматчи денгизга олиб кетилган. Улардан уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган.
Аввалроқ, Қозоғистон президенти Мудофаа вазирлигидаги вазиятни комплекс ўрганиш учун комиссия тузган эди.








