Пискент тумани ҳокимига ҳайфсан: бунга фермерлар билан боғлиқ можаро сабаб бўлди
Ҳокимнинг фермерларни ҳақорат қилгани ва картошка экилмаса, ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани айтилганди.

Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди. Бунга давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва касб этикасига риоя қилинмагани асос бўлган. Бу вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг 13 октябрдаги фармойишида белгиланди.
Фармойишга кўра, интизомий жазо Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори талабларига риоя қилинмагани сабабли қўлланган.
Ҳужжатни қабул қилишга Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 10 октябрдаги тақдимномаси, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссиясининг баёни ва Музаффар Ариповнинг тушунтириш хати асос бўлган. Фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарига юклатилган.
Аввалроқ Ўзбекистон фермерлари кенгаши Пискент тумани ҳокимининг фермерларга босим ўтказгани ҳақидаги хабарлар юзасидан прокуратура органларига мурожаат қилган эди. Кенгаш 9 октябрь куни юборган мурожаатида ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Бунга ҳокимнинг фермерлар билан йиғилишидаги аудиоёзув сабаб бўлган. Унда Музаффар Арипов фермерларни ҳақорат қилгани ва картошка экилмаса, ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани айтилган.
Пискент тумани ҳокимлиги эса йиғилиш ғалладан бўшаган қарийб минг гектар майдонда такрорий экин сифатида кечки картошка етиштириш режаси бажарилмагани сабабли ўтказилганини билдирган.








