Тошкентда иссиқ сув сифати: меъёрий кўрсаткичлар тикланди
Сув намуналари лабораторияларда текширилиб, белгиланган меъёрларга мослиги аниқланган.

Тошкент иссиқлик электр маркази ҳудудида иссиқ сув сифати билан боғлиқ вазият барқарорлашди. Аксарият истеъмолчиларда сув кўрсаткичлари меъёрга келган. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent маълум қилди.
Компания хабарига кўра, сув намуналари ички лабораториядан ташқари «Тошкент шаҳар сув таъминоти»нинг кимё-бактериологик лабораториясида ҳам текширилган. Таҳлил баённомаларида ўрганилган кўрсаткичлар белгиланган меъёрларга мос экани ва сувдан фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган.
Қайд этилишича, иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида шаҳар иссиқлик тизимидаги корхоналар инфратузилмани янгилаш ва модернизация қилиш ишларини олиб бормоқда.
Иссиқ сув сифати бўйича муаммолар сақланиб қолган истеъмолчилар 1347 қисқа рақамига қўнғироқ қилиши ёки Теlegram-bot орқали мурожаат қолдириши мумкин. Шундан сўнг мутахассислар вазиятни жойига чиқиб ўрганади.
Аввалроқ Тошкентнинг Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманлари аҳолиси иссиқ сувдан бегона кимёвий ҳид келаётганидан шикоят қилгани ҳақида хабар берилганди.








