ЙТҲ оқибатида вафот этган кичик сержант Хосилбек Эшназаров "Жасорат" медали билан тақдирланди
Йўл-патрул хизмати ходими BMW уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори, марҳум кичик сержант Эшназаров Хосилбек Бекназар ўғли «Жасорат» медали билан мукофотланди.
Фармонда қайд этилишича, у ички ишлар органларидаги фидокорона хизмати, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда қоидабузарликлар профилактикасини самарали амалга оширишдаги катта хизматлари учун тақдирланган.
Шунингдек, марҳум хизмат бурчини сидқидилдан ва юксак шараф билан адо этиб, мардлик ва фидойилик намунасини кўрсатгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки алоҳида таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 25 февраль куни кечқурун Тошкентда BMW М4 (рақами 010210ОC) автомобили Йўл-патруль хизмати ходимини уриб кетгани акс этган видеони эълон қилганди. Рулда эса ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли 10-синф ўқувчиси бўлган.
Кейинчалик ушбу транспорт воситаси 2002 йилда туғилган қизга тегишли бўлиб, автомобиль 2024 йилдан шу кунга қадар 18 маротаба транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга ҳайдаш учун берилгани аниқланганди.








