Ўзбекистонда лазер нурлантирувчиларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жазо жорий этилди
Портатив лазер нурлантирувчиларидан ноқонуний фойдаланиш учун жарима ва мусодара жазоси белгиланди.

Ўзбекистонда портатив лазерли нур тарқатгичларининг ноқонуний муомаласи учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қонун билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, лазер қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш, уларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жазо чоралари жорий этилди.
Янги тартибга кўра, портатив лазерли нур тарқатгичлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу қурилмаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш ҳолатлари учун БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланади.
Портатив лазер қурилмаларини ноқонуний равишда сотиш ёки мамлакат ҳудудига олиб кириш учун эса ҳуқуқбузарлик буюмларини мусодара қилган ҳолда БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима қўлланади.
Бундан ташқари, қонун билан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ҳамда таянч пунктлари фаолияти, шунингдек профилактика инспекторларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ҳам киритилди.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.








