Миграция соҳасида рақамли ечимлар ва янги таълим лойиҳалари жорий этилади
“Касб + тил” тамойили асосидаги таълим лойиҳалари кенгайтирилиши ва янги ўқув марказлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташқи меҳнат миграциясини самарали ташкил этиш, фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига тайёрлаш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда, хорижда ишлаётган юртдошлар сони 1,2 миллион нафарга етган. Европа ва Шарқий Осиё давлатларида малакали ишчи кучига талаб йилдан йилга ортиб бормоқда. Шунингдек, Европа Комиссиясининг 2030 йилгача мўлжалланган миграция стратегиясида Марказий Осиё билан ҳамкорлик, кадрлар тайёрлаш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Шу боис, ташқи меҳнат миграцияси бозорини кенгайтириш, айниқса юқори даромадли иш сегментларига чиқиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Ҳозирда хорижий иш берувчилардан тил ва касбий талабларга жавоб берадиган 100 мингдан ортиқ малакали мутахассисга талаб мавжуд. Жумладан, Германияда 40 минг ҳамшира, Японияда эса 15 минг қурилиш, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси мутахассисларига эҳтиёж бор.
Мазкур эҳтиёжни қондириш мақсадида Германия, Корея ва Япония компаниялари билан ҳамкорликда “Касб + тил” тамойили асосида қўшма таълим лойиҳалари йўлга қўйилган. Айни пайтда 12 та лойиҳа доирасида 8,5 минг фуқаро таҳсил олмоқда, уларнинг 3 минг нафари аллақачон иш билан таъминланган.
Келгусида бундай лойиҳалар сонини 20 тага етказиш, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўқитиш қамровини 50 фоизга кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳрида 600 ўринли ўқув кампуси, касб, тил ва сертификат имтиҳонлари учун замонавий марказ ташкил этилади.
Шунингдек, Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт техникумларида ҳамшираларни халқаро имтиҳонларга тайёрлаш бўйича махсус курслар йўлга қўйилади. Қурилиш соҳаси учун эса малакали мутахассислар — бетончи, қолипчи, арматура тўқувчи ва пайвандчиларни тайёрлаш марказлари кенгайтирилади.
Ҳудудларда ягона миграция марказлари ва ҳайдовчилик ўқув хабларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, аграр ва туризм соҳаларида 12 та янги халқаро битим асосида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Испания, Италия, Туркия ва Корея билан мавсумий иш йўналишлари кенгайтирилиши белгиланди.
Миграция жараёнларини қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмлар жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, фуқароларнинг чет тилини ўрганиш харажатларининг 50 фоизи, малака имтиҳонлари харажатлари эса тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда.
“Хорижда иш” платформасини сунъий интеллект технологиялари асосида такомиллаштириш, иш берувчилар ва фуқаролар учун қулай тизим яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини мунтазам мониторинг қилиш муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Ҳозирда 37 та давлатда қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, 48 минг фуқарога ижтимоий, 17 минг нафарга ҳуқуқий, 6 минг нафарга моддий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, мамлакатда ноқонуний меҳнат миграциясини камайтириш, норасмий бандликни легаллаштириш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурилган таклифларни маъқуллаб, ташқи меҳнат миграцияси тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда рақамли ечимларни кенг жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб берди.








