Ўзбекистон илк бор БМТнинг нуфузли комиссияси аъзолигига сайланди
Ўзбекистон БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича комиссиясида АҚШ, Буюк Британия каби давлатлар билан иш олиб боради.

Нью-Йорк шаҳрида EKOSOS сессияси доирасида бўлиб ўтган сайловлар якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси 2027-2029 йиллар учун БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича комиссияси аъзолигига сайланди.
Мазкур комиссия 1992 йилда Вена шаҳрида ташкил этилган бўлиб, EKOSOS тизимидаги асосий ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади. У жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноий адолатни ривожлантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш соҳасида глобал сиёсатни белгилайди. Комиссия 40 та давлатдан иборат бўлиб, улар уч йил муддатга сайланади.
Сайлов жараёни юқори рақобат шароитида кечди. Осиё-Тинч океани минтақасидаги 4-ўрин учун Ўзбекистон, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони номзод бўлган.
Сайлов арафасида Ҳиндистон номзодини қайтариб олганига қарамасдан, рақобат юқори даражада сақланиб қолди. Шу шароитда Ўзбекистон номзоди барча EKOSOS аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Комиссия таркибига АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Африка, Перу каби давлатлар ҳам сайлангани мазкур органнинг юқори нуфуз ва кенг қамровга эга эканини кўрсатади.
Комиссиядаги аъзолик Ўзбекистон учун қатор янги имкониятларни очади. Жумладан, жиноятчиликнинг олдини олиш ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни шакллантиришда иштирок этиш, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, миллий жиноий адлия тизимини янада такомиллаштириш учун эксперт ва техник кўмакни жалб этиш имкони яратилади.
Ўзбекистоннинг комиссиядаги уч йиллик аъзолиги 2027 йил 1 январдан бошланади ва 2029 йил якунига қадар давом этади.








