2026 йилда сунъий интеллект қайси соҳаларга кучли таъсир кўрсатади?
Мутахассислар сунъий интеллектга оид 5 та асосий прогнозини эълон қилди.

2026 йилда сунъий интеллект (СИ) соҳасида йирик ўзгаришлар ва янги босқичлар кузатилиши кутилмоқда. Мутахассислар фикрича, сўнгги йилларда АИ инфратузилмасига йўналтирилган миллиардлаб долларлик инвестициялар айнан шу даврда амалий натижа бера бошлайди, дея ёзмоқда Time.
Илм-фан янада ривожланади
Калифорнияда жойлашган Edison Scientific стартапи ишлаб чиққан “Космос” тизими илмий адабиётларни таҳлил қилиш орқали янги илмий хулосалар ва эҳтимолий кашфиётларни аниқлаётгани маълум қилинди. Тизим айрим мавжуд илмий натижаларни қайта ишлаб чиқиш билан бирга, янги йўналишларни ҳам аниқлаган. Хусусан, Алцгеймер касаллигида қариган мия ҳужайраларининг ўзини мия “тозалаш тизими”га йўқ қилиш учун сигнал билан белгилаши мумкинлиги ҳақидаги далиллар қайд этилган.
Шунингдек, АҚШда Genesis Mission ташаббуси доирасида сунъий интеллектдан илм-фанни ривожлантиришда кенг фойдаланиш режалаштирилган.
Мутахассислар АИ илмий жараёнларда инсон олимларига ёрдам берувчи кучли воситага айланишини, бироқ тўлиқ мустақил кашфиёт қилиш даражасига ҳали етмаганини таъкидламоқда.
CИ ёрдамида автоматик харид тизимлари кенгаяди
2026 йилда истеъмолчилар нафақат интернет сайтларига кириб, балки тўғридан-тўғри чат-ботлар орқали харид қилишлари мумкин бўлиши кутилмоқда.
Онлайн прогноз платформаси Metaculus маълумотларига кўра, 2026 йил охиригача камида 100 мингта транзаксияни амалга оширувчи йирик CИ-харид агенти ишга тушиш эҳтимоли 95 фоиз деб баҳоланмоқда.
Жорж Мейсон университети иқтисодчиси Тайлер Коуэннинг фикрича, бу жараён жуда тез кенгаяди.
Amazon ва OpenAI аллақачон SI асосидаги автоматик харид тизимларини синовдан ўтказишни бошлаган. Бу эса электрон тижорат соҳасида янги босқични шакллантириши кутилмоқда.
СИ ҳамроҳлар оммалашади
Мутахассислар 2026 йилда сунъий интеллект билан “ҳиссий ва мазмунли муносабатлар” кенгайишини прогноз қилмоқда. “Тhе New Breed: How to Think About Robots” китоби муаллифи Кейт Дарлингнинг айтишича, одамларнинг технологиялар билан ҳиссий боғлиқлиги тобора ортмоқда.
Тадқиқотларга кўра, одамлар машиналарни тирик мавжудот сифатида қабул қилишга моил бўлиб, бу ҳолат онгли равишда тушунилса ҳам давом этади.
Реплика компанияси раҳбари Дмитро Клочконинг фикрича, келажакда фойдаланувчилар турли SI тизимларини турли мақсадларда ишлатади: бири иш ва самарадорлик учун, бошқаси эса эмоционал қўллаб-қувватлаш учун.
Сиёсий эътибор ортади
Сунъий интеллект 2026 йилда сиёсий кун тартибида ҳам муҳим ўрин эгаллаши кутилмоқда. Мутахассислар СИ билан боғлиқ масалалар, жумладан энергия истеъмоли ва ижтимоий таъсирлар, сайлов жараёнларида асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланиши мумкинлигини билдирмоқда.
Киберхавфсизликда янги хавф ва имкониятлар
2026 йилда сунъий интеллект киберҳужумлар соҳасида ҳам фаол қўлланилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Anthropic компанияси маълумотига кўра, Хитойга алоқадор хакерлар СИ ёрдамида инсон иштирокисиз амалга оширилган биринчи кенг кўламли киберҳужумни уюштирган. Ҳужумлар технологик компаниялар, молиявий институтлар, кимё саноати корхоналари ва давлат ташкилотларига қаратилган.
CrowdStrike компанияси вакили Адам Меерснинг айтишича, SI ёрдамида номаълум заифликларни аниқлаш ва улардан фойдаланиш кескин ошади. Унинг фикрича, сунъий интеллект киберхавфсизлик соҳасида ҳам ҳимоя, ҳам ҳужум имкониятларини кучайтирувчи “Темир одам костюми”га айланмоқда.








