"Дунё олдингидек “сокин” бўлмайди" — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти барча раҳбарлар дунёқарашини мутлақо ўзгартириши зарурлигини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чорак якунлари таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев биринчи чорак якунлари яхши бўлгани билан хотиржамликка берилиш хато эканини таъкидлаб, глобал вазият кескинлашаётган шароитда раҳбарлар иш услуби ва ёндашувларини тубдан ўзгартириши зарурлигини қайд этди.
“Такрор айтяпман: глобал зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, етакчилик учун кураш авж олаётган ҳозирги шароитда дунё олдингидек “сокин” бўлмайди. Бундай вазиятда барча раҳбарлар ўзи одатланиб қолган иш услуби, ёндашуви, керак бўлса, дунёқарашини мутлақо ўзгартириши зарур”, – деди Президент.
Давлат раҳбари бу йил банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 140 триллион сўм йўналтирилаётганини маълум қилди.
Келтирилган мисолларга кўра, ажратилган кредитлар ҳисобидан айрим ҳудудларда сезиларли бандлик яратилган. Хусусан, 1 миллиард сўм кредит эвазига Ширинда 20 та, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан, Томди туманида эса 13 та доимий иш ўрни яратилган.
Шу билан бирга, Учкўприк, Пискент, Бўстонлиқ, Кармана ва Қўрғонтепа туманларида 1 миллиард сўмлик кредит ҳисобига ўртача атиги 3 та иш ўрни яратилаётгани билдирилди.
Таъкидланишича, агар барча ҳудудларда кредитлар самарали лойиҳаларга йўналтирилганида, қўшимча 36 минг иш ўрни яратилиши ва яна 60 минг нафар фуқаронинг даромади норасмий сектордан чиқарилиши мумкин эди.
Шу муносабат билан лойиҳа танлаш ва кредит ресурсларини тақсимлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Бироқ ҳудудий банк ходимларини сунъий интеллект асосида ишлашга ўқитиш ишлари сустлиги танқид қилинди.
Мутасаддиларга туман банк ходимларини сунъий интеллектга ўқитишни бошлаш ҳамда банкларда “Сунъий интеллект маслаҳатчиси” платформасини жорий этиш топширилди. Мазкур платформа тадбиркорларга кредит олиш жараёнида лойиҳа параметрлари, рисклари ва бозордаги талабни таҳлил қилиб, тайёр ечимлар тақдим этиши кўзда тутилган.








