1-февралдан яна “Ташаббусли бюджет”га овоз бериш бошланади
Бу жараён 20 мартга қадар давом этади.

“Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2025 йилги 1-мавсуми 1 февралдан бошланиб, 20 мартга қадар давом этади. Бу ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Бунда:
Лойиҳа киритиш босқичи — 1–20 феврал;
Саралаш босқичи — 21 феврал–7 март;
Тарғибот босқичи — 8–10 март;
Овоз бериш босқичи — 11–20 март кунлари ўтказилади.
Жорий йилдаги 1-мавсум ғолиблари 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.
Аввалроқ Сенат Кенгашининг қарори билан, “Ташаббусли бюджет” жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга тегишли ўзгартиришлар киритилганди. Қарорга кўра, ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши белгиланган. Бунда, 10 тадан ортиқ лойиҳа учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуддаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.







