Шавкат Мирзиёев 4 сентябр куни қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда соҳага таркибий ислоҳотлар амалга оширилиб, самарадорликни ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун йўналтирилди, 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилди, қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ 1 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида яширин иқтисодиёт улуши юқорилигича қолмоқда, етиштирилган маҳсулотларнинг бир қисми ҳисобга олинмаяпти. Айни пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғи амал қилмоқда. Ушбу масала аввалроқ давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида кўтарилган эди.
Мазкур йўналишда Халқаро валюта жамғармаси, хорижий ва маҳаллий экспертлар билан ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналарининг деҳқон ва фермерларга ўзлари етиштирган (ғалла ва пахтадан ташқари) маҳсулотларни сотиши қўшилган қиймат солиғидан озод этилади (нол ставка). Шу билан бирга, уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб олиш амалиёти сақланиб қолади.
Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига қарийб 300 миллиард сўм маблағ қолиши, қўшимча 400 миллиард сўмни қайтариб олиш имконияти яратилиши кутилмоқда. Бу эса соҳага янада шаффофлик олиб кириб, саноатлаштирилган йирик плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади.
Мамлакат раҳбари мутасаддиларга янги тизимни кенг тушунтириш ва самарали йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.


