Афғонистоннинг шарқий ҳудудларида 1 сентябрга ўтар кечаси рўй берган зилзила оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Фожиа ортидан Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси қўшни мамлакат аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.
Балх вилоятига етказилган ёрдам таркибида ун, гуруч, шакар, ёғ, макарон, қандолат маҳсулотлари, тез тайёр таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви бор. Шунингдек, 5 минг дона ёпинғич, 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар ҳам юборилди. Юкларнинг умумий оғирлиги қарийб 300 тоннани ташкил этди.
Ҳайратон шаҳрида ўтказилган топширув маросимида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти расмийлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди. Афғонистон томони Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига миннатдорлик изҳор қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 2200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 3600 га яқин киши жароҳат олган. Энг кўп талафот Кунар вилоятининг Нургул, Савки, Чапа-Дара ва Маноги туманларида қайд этилган.


