МИБ ахборот хизматига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг ижро ҳужжатига асосан асоссиз равишда ишдан бўшатилган, даъвогар А.Д.ни Қўнғирот тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг директори лавозимида ишга тиклаш белгиланган.
Шунга қарамасдан, жавобгар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ушбу суд қарори ижроси таъминланмаган.
Шу сабабли даъвогар Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлимига суд қарори ижросини таъминлаб беришни сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Бюронинг Нукус шаҳар бўлими томонидан дарҳол ижро ҳаракатларига киришилиб, жавобгар ташкилот раҳбарига суд қарори ижросини таъминламаслик қонунда белгиланган жавобгарликка асос бўлиши ҳақида огоҳлантириш берилган.
Натижада даъвогар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғига асосан ўзининг аввалги иш ўрнига қайта ишга тикланиши таъминланган.


