Бугун, 5 сентябрь куни Андижон вилоятининг Андижон туманида жойлашган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, тахминан 5 тонналик MAN русумли ёқилғи ташувчи автомобилдан пропан суюлтирилган газни тўкиш жараёнида технологик қоидалар бузилиб, ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса ҳақида соат 12:05 да хабар берилган.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари воқеа жойига 12:13 да етиб борган ва олов соат 12:26 да ўраб олинган. Ёнғин 13:03 да тўлиқ бартараф этилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган.
Сўнгги ойларда мамлакатнинг турли ҳудудларида шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилмоқда. Жумладан, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида газ қуйиш шохобчаларида портлаш ва ёнғинлар содир бўлган.
Июль ойида эса, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги портлаш оқибатида тўрт киши вафот этган эди.


