АҚШ ташқи сиёсати энг баҳсли масалалардан бири бу бошқа давлатлардаги ҳокимият алмашинувларига бевосита ёки билвосита аралашауви бўлган. Расмий Вашингтон бу ҳаракатларини “демократияни ҳимоя қилиш” ва “инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш” ёки бўлмасам “хавфсизлик таҳдидларини бартараф этиш” каби турли хил баҳоналар билан ўзини оқлаб келган.
Давлат раҳбарларининг ағдарилиши ёки ҳокимиятдан четлаштиш бўйича АҚШнинг тарихий тажрибваси шуни кўрсатадики унинг ташқи сиёсатида эълон қилинган қадрятлар билан реал ҳаёт ўртасида етарлича жиддий фарқлар бор. Мамлакат демократия ва инсон ҳуқуқлари кўпинча бир восита сифатида ишлатилган, бироқ, асл мақсад эса геосиёсий устунлик ва минтақани бутунлай назорат қилиш бўлган. Яқиндагина АҚШ Венесеула раҳбари Николас Мадурони ҳокимиятдан ағдариб уни Қўшма Штатларга олиб келинган эди. Мазкур воқеа халқаро ҳамжамиятда катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ишонинг бу АҚШ аралашуви оқибатида ўлдирилган ёки ағдарилган биринчи ёки олий даражадаги раҳбар эмас.
Zamon.uz'нинг навбатдаги таҳлил марказида АҚШ томонидан ағдарилган ёки ҳукуматдан четлаштирилган раҳбарлар.
Муҳаммад Мусаддиқ (Эрон)
Эронда 1950 йилларнинг бошларида демократик йўл билан сайланган ва Эрон суверенитети, иқтисодий мустақиллик ва парламент устуворлигини асосий қадрият деб билган сиёсатчи Муҳаммад Мусаддиқ 1953 йилда АҚШ ва Британия разведкасининг қўллаб-қувватланиши оқибатида ағдарилган. Бу АҚШнинг махфий операциялар орқали ҳукумат ўзгаришига таъсир кўрсатишининг классик намунаси ҳисобланади. Мусаддиқнинг ағдарилишига олиб келган энг муҳим сабаб – Эрон нефть саноатини миллийлаштиргани бўлди. 1951 йилда Британия назоратидаги Англия-Эрон нефть компаниясини (АИОС, кейинчалик БП) миллийлаштириб, унинг даромадли монополиясига чек қўйди. Фойданинг асосий қисми Буюк Британияга кетар, Эрон эса жуда кам улуш олар эди. Мусаддиқ бу ҳолатни мустамлакачиликнинг давом этиши деб баҳолади.
Британия очиқ ҳарбий йўл билан аралаша олмагани сабабли Эронга нисбатан нефть эмбаргоси жорий қилди, Эрон нефтини сотиб олган давлатларга босим ўтказди, Халқаро судларда Эронга қарши даъволар қўзғади.
Дастлаб АҚШ Мусаддиққа нисбатан нейтрал эди. Аммо 1950 йиллар бошида вазият ўзгарди. 1953 йилда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (СИА) ва Буюк Британия разведкаси (МИ6) ҳамкорликда махфий давлат тўнтариши уюштирди. 1953 йил март ойида ТП-Ажах, яъни “Ажах операцияси” деб аталган режа СИА ва Буюк Британия разведка хизмати МИ6 томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Режанинг асосий мақсади халқни қўзғатиш орқали Мусаддиқни лавозимидан воз кечишга мажбур қилиш бўлган.
Америка ва Британия разведка хизматлари Мусаддиқ ҳукуматига қарши бўлган гуруҳлар билан яқин алоқалар ўрнатди. Миллионлаб доллар пора тарқатилганидан сўнг, бу гуруҳлар бошқарувдан норози бўлган аҳолининг ҳис-туйғуларини кучайтириб, мамлакатда тартибсизликлар келтириб чиқарди. Ушбу тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди.
Бу вақтда ғарбпараст Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий Мусаддиқни лавозимидан четлатишни истар эди ва унинг ўрнига генерал Фазлуллоҳ Заҳидийни тайинлади. Бунга жавобан Мусаддиқ тарафдорлари ҳам кўчаларга чиқди ва Шоҳ аввал Ироққа, сўнг Римга қочди. Мусаддиқни ағдаришга қаратилган бу уриниш дастлаб муваффақиятсиз тугади.
Бироқ бир неча ой ўтгач, генераллар мамлакатдаги тартибсизликларга барҳам бериш баҳонасида Мусаддиқ, унинг вазирлари ва тарафдорларини ҳибсга олди. Шоҳ эса уч кундан сўнг Эронга қайтди. Шу тариқа Буюк Британия ва АҚШ демократик йўл билан ҳокимиятга келган, халқ талаби билан нефтни миллийлаштирган ва амалга оширмоқчи бўлган ислоҳотлари орқали демократияни мустаҳкамлашга уринаётган Мусаддиқ ҳукуматини ағдаришга муваффақ бўлди.
Тўнтаришдан сўнг Мусаддиқ ватанга хиёнат қилишда айбланиб, 3 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинади ва ҳаётининг сўнгги йилларини уй қамоғида ўтказади. У 1967 йилда уй қамоғида бўлган ҳолатда вафот этади.
Салвадор Аленде (Чили)
1973 йилда Чили президенти Салвадор Аленде генерал Аугусто Пиночет томонидан ҳарбий тўнтариш оқибатида ағдарилди. АҚШ тўнтаришни тўғридан-тўғри амалга оширмаган бўлсада, Вашингтоннинг сиёсий ва разведка ёрдами халқаро манбаларда билвосита аралашув сифатида баҳоланади.
Аленде Чили тарихида биринчи маротаба демократик йўл билан сайланган социалист президент эди. Унинг миллийлаштириш сиёсати (масалан, конларни, айниқса, Америка компанияларига тегишли конларни миллийлаштириш) ишбилармон ва консерватив элита томонидан қаттиқ қаршиликка учради. Парламентда Аленде ҳукуматига қарши кўплаб қарорлар ва блокадалар бўлиб, унинг иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларини тўхтатишга ҳаракат қилинди.
Салвадор Аленде ҳукмронлигининг дастлабки ойларида Чилида социалистик жамият қуриш муҳимлигини таъкидлади. Бой одамларнинг мулки мусодара қилинди ва аҳоли устидан қатъий назорат ўрнатилди. Аленденинг буйруғи билан 15 ёшгача бўлган болалар ва янги туғилган чақалоқларнинг оналарига кунига ярим литр сут берилди. Мамлакатдаги энг кам маош олувчи одамларнинг маошлари икки баравар оширилди. Мамлакатда фаолият юритаётган хорижий компанияларга санкциялар қўллаш ва маҳаллий компанияларни давлат назоратига ўтказиш жараёни тезлаштирилди. 1970 йилда Чилида 1960 йилларда совуқ уруш контекстида АҚШга қарши фаол социалистик давлат сифатида кўрилган Куба элчихонасининг очилиши Қўшма Штатлар билан муносабатларнинг кескинлашишига олиб келди. Бу АҚШнинг ички сиёсий ва иқтисодий аралашувини кучайтирди, натижада 1973 йилда ҳарбий тўнтаришнинг заминини яратди.
АҚШ разведкаси қўллови билан миллий хавфсизлик ва социалистик сиёсатнинг Чили иқтисодий барқарорлигини бузиши ҳақидаги даъволар фонида 1973 йилда диктатор генерал Аугусто Пиночет бошчилигидаги ҳарбий тўнтариш оқибатида Салвадор Аленде ағдарилди. Президент саройига уюштирилган кенг қамровли ҳужум вақтида Аленде вафот этади ва унинг ўлими атрофидаги ҳолат можаро мавзусига айланади. Ҳарбий расмийлар унинг ўз жонига қасд қилганини иддао қилса, бошқалар у ўлдирилган ва ўз жонига қасд қилиш ҳолати саҳналаштирилган деб ҳисоблашди. 1990 йилда унинг жасади қабрдан чиқарилиб, пойтахт Сантягода расмий жамоат дафн қилинади. Пиночет режими томонидан содир этилган қотилликлар бўйича жиноят тергови доирасида Аленде жасади 2011 йил май ойида яна қабрдан чиқарилиб, илмий аутопция ўтказилади. Натижалар унинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлайди.
Мануэл Норега (Панама)
Николас Мадуро иши билан тарихий жиҳатдан энг яқин ўхшаш ҳолат Панама мамлакатининг амалдаги диктатори бўлган Мануэл Норега билан боғлиқ. 1989 йилда АҚШ ҳарбийлари Панамада тўғридан-тўғри ҳарбий операция бошлайди. Мамлакат етакчиси Мануэл Норега ағдарилади, АҚШга олиб кетилиб, гиёҳванд моддалар савдоси айбловлари билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу АҚШнинг хорижий етакчини ўз ҳудудида суд қилган ноёб ҳолатлардан бири эди. Бунинг сабаблари сифатида АҚШ фуқароларини Панамада ҳимоя қилиш, нодемократик амалиётлар, коррупция ва ноқонуний наркотик савдоси кўрсатилган.
Норега АҚШ билан алоқалари туфайли аввалига “стратегик ҳамкор” сифатида танилган, айниқса совуқ уруш даврида Марказий Америкадаги коммунистик ҳаракатларга қарши курашда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган. Шу билан бирга, у наркотик контрабандасида иштирок этганлиги ва коррупцияга алоқадорлиги билан танилган.
АҚШнинг Панамада ҳарбий ҳаракати ўша пайтда Ветнам урушидан кейинги энг катта АҚШ жанг операцияси ҳисобланган. АҚШ ҳукумати бу операцияни оқлаш учун турли сабабларни келтирган, жумладан, Норегани АҚШга олиб келиб, наркотик савдоси бўйича судга тортиш орқали панамаликларнинг аҳволини яхшилашни мақсад қилган.
Норега ҳокимиятда бўлган пайтидаёқ АҚШ судлари томонидан гиёҳванд моддалар савдоси бўйича айбланган. Кейинчалик АҚШ ҳарбий амалиёти ортидан қўлга олиниб, суд қилиниши учун АҚШга олиб кетилган.
Худди шунга ўхшаш тарзда, Николас Мадуро ҳам АҚШ томонидан «нарко-терроризм» айбловларига дуч келган ва АҚШ ҳаракатлари ортидан қўлга олинган.
Мануэл Норега Маямига экстрадиция қилинган, 1992 йилда айбдор деб топилиб, 40 йилга озодликдан маҳрум этилган. У АҚШ федерал қамоқхонасида тахминан 17 йил жазо ўтаган.
2010 йилда пул ювиш айблови билан Францияга экстрадиция қилиниб, 7 йилга ҳукм этилган, 2011 йилда эса қотиллик айбловлари бўйича жазо ўташи учун Панамага қайтарилган ва 2017 йилда вафотигача уй қамоғида сақланган.
Саддам Ҳусайн (Ироқ)
2003 йилда Саддам Ҳусайн Ироқда АҚШ бошчилигидаги коалиция томонидан ағдарилди. Кейинчалик у қўлга олинди, суд қилинди ва қатл этилди. Бу АҚШнинг режим ўзгаришига бевосита ҳарбий аралашувининг энг очиқ мисолларидан бири эди. Расмий Вашингтон бу ҳаракатни “хавфсизликни таъминлаш” ва “оммавий қирғин қуроллари таҳдиди” билан изоҳлаган бўлсада, кейинчалик воқеалар бу сабабларнинг қанчалик мунозарали эканини кўрсатди.
Саддам Ҳусайн ҳокимиятининг дастлабки йилларида АҚШ Ироқни Эрон исломий инқилобига қарши мувозанат кучи сифатида кўрган. 1980 йилларда АҚШ Саддам режимига билвосита сиёсий ва разведка кўмаги кўрсатган.
Бироқ 1990 йилда Ироқнинг Қувайтни босиб олиши муносабатларни бутунлай издан чиқарди. АҚШ бошчилигидаги коалиция Қувайтни озод қилди, аммо Саддамни ҳокимиятда қолдирди. Шундан сўнг Ироқ ўн йилдан ортиқ давом этган қатъий санкциялар остида яшади.
2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ ташқи сиёсатида кескин бурилиш юз берди. Президент Жорж Буш маъмурияти “ёвузлик ўқи” тушунчасини илгари суриб, Ироқни халқаро хавфсизликка таҳдид солувчи давлат сифатида тақдим этди. АҚШ расмийлари Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаётгани, террористик гуруҳлар билан алоқада бўлгани ва БМТ резолюцияларини мунтазам равишда бузганини даъво қилди.
2003 йил март ойида АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги коалиция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аниқ розилигисиз Ироққа ҳарбий ҳужум бошлади. Бир неча ҳафта ичида Бағдод эгалланди, давлат бошқарув тизими издан чиқди ва Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилди. АҚШ бу жараённи “Ироқни озод қилиш” деб атади.
Босқиндан сўнг Саддам Ҳусайн яширинишга мажбур бўлди. 2003 йил декабрь ойида у АҚШ ҳарбийлари томонидан Тикрит яқинида қўлга олинди. Кейинчалик у АҚШ назорати остидаги Ироқ суди томонидан маҳкама қилинди ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топилиб, 2006 йилда қатл этилди.
Муаммар Каддафий (Ливия)
2011 йилда Ливияда содир бўлган воқеалар пайтида НАТО ва АҚШ ҳаво операциялари Каддафий режимининг қулашида ҳал қилувчи роль ўйнади. Каддафий АҚШ томонидан тўғридан-тўғри ҳибсга олинмаган бўлсада, халқаро аралашув унинг ҳокимиятдан четлатилишига йўл очди. Бу жараён билвосита ҳарбий ёрдам деб ҳисобланади.
2011 йилда Ливияда содир бўлган воқеалар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги “Араб баҳори” жараёнларининг энг кескин ва фожиали саҳифаларидан бири бўлди. Қарийб 42 йил давомида мамлакатни бошқарган Муаммар Каддафий ҳокимиятдан ағдарилди ва ўлдирилди. Бу жараёнда АҚШ ва НАТО етакчилигидаги Ғарб давлатларининг ҳарбий-сиёсий аралашуви ҳал қилувчи роль ўйнади.
Муаммар Каддафий 1969 йилда ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятга келиб, Ливияда ўзига хос сиёсий тизим – «Жамаҳирия»ни барпо этди. У Ғарб таъсирига қарши чиқди, нефть саноатини миллийлаштирди ва АҚШни минтақадаги асосий рақиб сифатида кўрди.
1980-1990 йилларда Каддафий АҚШ томонидан “терроризмни қўллаб-қувватловчи етакчи” сифатида баҳоланди, Ливияга санкциялар жорий этилди ва 1986 йилда Триполига АҚШ ҳаво ҳужумлари уюштирилди.
2000 йилларда эса Каддафий Ғарб билан муваққат яқинлашувга борди, ядровий ва кимёвий қуроллардан воз кечди, санкциялар бекор қилинди ва дипломатик алоқалар тикланди. Бироқ бу яқинлик узоқ давом этмади.


