АҚШ разведкаси "хўжайини" Москвага нима учун келган?
CNN бу ҳақда маълумот берди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернснинг Москвага ташрифи сабаби маълум бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, Бернс Москвага Украина масаласини муҳокама қилиш учун борган. У Кремльнинг чегарадаги хатти-ҳаракатлари Вашингтон томонидан диққат билан кузатилаётганини билдирган. Шунингдек, АҚШ разведкаси раҳбари Москванинг ушбу масаладаги мақсадини билмоқчи бўлган.
Бернс Россиянинг ҳужумкор режаларининг олдини олишга ҳаракат қилган.
Бундан ташқари, МРБ директори Москвани газдан геосиёсий қурол ва сиёсий босим сифатида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирларини билдирган.
Бернс Россия хавфсизлик идоралари раҳбарлари билан учрашгандан сўнг, сешанба куни Украина президенти Владимир Зеленский 6илан телефон орқали мулоқот қилган ва унга Вашингтон доимий равишда Россия-Украина чегарасидаги вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилган.
Маълумот ўрнида: Уильям Бернс 3 ноябрь куни Москвага ташриф буюрди. У Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин билан учрашув ўтказган. Расмий Москва томонлар киберхавфсизлик ва терроризмга қарши кураш масалаларини муҳокама қилганини маълум қилган.
Аввалроқ Владимир Путин президентлигининг бошланғич даврида Россияни НАТОга аъзо қилмоқчи бўлгани ҳамда Пентагон дунё уч қутбга бўлиниб кетгани тўғрисида маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Жаҳонгир Қўзиев







