АҚШ Сурия шимолига инвестиция киритишга рухсат берди
Шу билан бирга бу тартиб Башар Асад назоратидаги ҳудудларга жорий этилмайди.

Пайшанба куни АҚШ Сурия шимолидаги ҳудудларга айрим хорижий инвестицияларни киритишга рухсат берди. бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Вашингтон бу орқали ИШИД таъсири қайта тикланишини олдини олмоқчи. Молия вазирлиги 12 йўналиш, хусусан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва молия соҳаларига сармоя киритилишига рухсат берди. Аммо бу тартиб Суриянинг Башар Асад томонидан назорат қилинадиган ҳудудларига амал қилмайди.
Кўплаб таҳлилчилар Россия-Украина можароси ва Хитой томонидан кучайиб бораётган чақириқлар фонида АҚШнинг Суриядаги сиёсати ИШИДнинг қайта тикланишини олдини олиш ва молиявий ёрдамни кўпайтиришга қаратилганини қайд этди. Қўшма Штатлар расмийлари сўзларига кўра, одамлар учун иқтисодий имкониятларнинг кенгайтирилиши уларнинг турли террористик ва экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиши мумкин.
“Бу районларга хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш ИШИДнинг оғир шароитларга тушиб қолган одамларнинг ёллаш ва шу орқали террористик тузилмани сақлаб туриш имкониятидан маҳрум этади”, – деган АҚШ администрацияси вакили.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда айрим хорижий компаниялар Сурия шимолига сармоя киритишга қизиқиш билдирган, аммо уларнинг номи келтирилмаган.
Шу билан бирга, Башар Асадга қарши санкциялар бекор қилинмаслиги таъкидланган.
Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган лицензия расмий Сурия ҳукумати ёки санкциялар остидаги шахслар билан келишувларсиз мамлакат шимолида ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотлари сотиб олишга ҳам имкон беради. Аммо Сурия нефти ёки нефть маҳсулотларининг АҚШга импорт қилиш тақиқланган.
Аввалроқ Вашингтон Сурияга қарши санкцияларни узайтирганди.







