Маданият вазири Озодбек Назарбеков АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм билан учрашди.
Музокара чоғида ўзбек миллий мақоми ва мусиқа маданиятини дунёга, жумладан, АҚШда тарғиб қилиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Шунингдек, АҚШ томони Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини қайта тиклаш бўйича кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Дениел Розенблюм “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалидаги АҚШлик мусиқачиларнинг иштирокини мамнуният билан эслади.
Учрашув давомида маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, 2022 йилнинг бошида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган маданий тадбирлар ташкил этиш, АҚШдаги Ўзбекистонга оид маданий мерос ва мулкларни юртимизга қайтаришга амалий ёрдам бериш каби масалалар муҳокама этилиб, самарали таклифлар билдирилди.
Бундан аввал, Ўзбекистон-Филиппин муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилингани ҳамда Ўзбекистон-Покистон ишбилармон доиралари Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева


