10 минг нафар тадбиркор Япония тажрибаси асосида ўқитилади
“Бизнесни ривожлантириш банки” Ямагата университети билан шартнома имзолади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини самарали амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.
Дастурга асосан ташаббускорларни бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишидаги қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курслари банк томонидан ҳудудларда ташкил этилган 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари”да олиб борилади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тадбиркорларни ўқитиш жараёнига “Япония тажрибаси”ни татбиқ этиш ва бу борада Япониянинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 7 март куни Токио шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон - Япония бизнес форуми давомида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси Сахи Аннакличев ва Ямагата университети президенти Хедитоши Тамате томонидан имзоланган шартнома ҳам айнан шу эзгу мақсадга қаратилган. Ўзаро келишувга мувофиқ, республикамиздаги 10 минг нафар тадбиркор Япония тажрибаси асосида ўқитилади ва менторлар тайёрланади. Мазкур келишув Банк ва Университет ўртасида ўтган йилнинг ноябрь ойидан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг амалий самараси ҳисобланади.

Япониянинг нуфузли университети билан ҳамкорликда ўтказиладиган ўқув курсларида тадбиркорлар бизнес кўникмаларини ривожлантириш, бизнес-режани ишлаб чиқиш, лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини топиш каби йўналишларда ўқитилади.
Шунингдек, япониялик мутахассислар кўмагида маҳаллий кадрлар орасидан менторлар тайёрланади. Келгусида “Кичик бизнесга кўмаклашиш ҳудудий марказлари”даги тадбиркорларни ўқитиш ишлари менторлар томонидан ташкил этилиши режаланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасидаги амалий ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ташаббускорлар “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан жорий этилган молиявий қўллаб-қувватлаш дастакларидан фойдаланишлари мумкин.
Маълумот учун: 1949 йилда ташкил этилган Ямагата университети Япониянинг миллий университети бўлиб, жаҳондаги энг яхши 600 университетлари қаторига киради. Ямагата университети 18 мамлакатдаги 48 та университет ва институтлар билан ҳамкорлик қилади.







