Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) маълумотига кўра, Ғазо секторидаги тикланиш ишларини амалга ошириш учун тахминан 70 миллиард доллар маблағ талаб этилади. Бу ҳақда БМТТДнинг Фаластин халқига кўмак дастури маъмурияти махсус вакили Жако Силйерс Женевада бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳисоб-китоб БМТ, Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки томонидан ўтказилган зарар ва эҳтиёжларни тезкор баҳолаш натижасида шаклланган. Силйерснинг таъкидлашича, тикланиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади ва авваломбор, энг зарур инфратузилма ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга ҳудудлар қайта тикланади.
“Бизнинг вазифамиз — вайронагaрчилик кўламини аниқлаш билан бирга, тикланиш жараёнида устувор йўналишларни белгилашдир. Ҳамма ҳудудлар ҳам қайта тикланмаслиги мумкин”, — деди у.
Ғазони тиклаш ишлари якунини аниқ белгилаш ҳозирча имкони йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябр куни Исроил ва ҲАМАС делегациялари Миср, Қатар, АҚШ ва Туркия воситачилигида Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича билвосита музокараларни қайта бошлаган. 10 октябрдан бошлаб эса ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув кучга кирган.


