АҚШ президенти Доналд Трамп 17 октябр куни Оқ уйда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашув ўтказишини тасдиқлади. Бу ҳақда у Шарм-эл-Шайхдан Вашингтонга қайтаётган самолёт бортида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, учрашув Оқ уйда бўлиб ўтади ва томонлар Украина атрофидаги вазият ҳамда тинчлик музокараларини қайта бошлаш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
“Ҳа, мен шундай деб ўйлайман”, — деди АҚШ раҳбари журналистларнинг 17 октябр куни учрашув режалаштирилганми, деган саволига жавоб берар экан.
Манбаларга кўра, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, хавфсизлик ва энергетика соҳаларидаги алоқалар, шунингдек, минтақавий барқарорликни таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, Трамп Киевга “Tomagavk” туридаги ракеталарни етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги саволларга изоҳ беришдан бош тортди.
Financial Times нашрининг ёзишича, Зеленский бошчилигидаги Украина делегацияси — президент администрацияси раҳбари Андрей Ермак ва бош вазир Юлия Свириденко иштирокида — ҳафта охиригача АҚШда бўлади. Нашр маълумотларига кўра, бу Зеленский ва Трампнинг Оқ уйда ўтказадиган учинчи учрашуви бўлади.
Сўнгги ойларда икки президент ўртасидаги муносабатлар «сезиларли даражада яхшилангани» таъкидланмоқда. Ўтган ҳафта охирида улар телефон орқали мулоқот қилиб, Украина мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича масалаларни муҳокама қилган эди.


