Бугун, 15 октябр куни Покистон ва Афғонистон чегарасида қуролли тўқнашувлар кузатилди. Чегаранинг Куррам ва Торхам атрофидаги ҳудудларида ҳар икки томон ўқ ва артиллерия зарбалари билан бир-бирини нишонга олган. Ҳарбий манбаларга кўра, тўқнашувлар кечаси бошланган ва бир неча соат давом этган.
Афғонистон томони Покистон чегарадаги постларга ҳужум уюштириб, “жавоб операцияси”ни амалга оширганини эълон қилди. Уларнинг маълумотига кўра, ҳужум давомида 58 нафар Покистон аскари ҳалок бўлган. Покистон армияси эса бу даъволарни рад этиб, ўз навбатида 23 нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини, бироқ 200 га яқин Толибон жангчилари йўқ қилинганини билдирди.
Тўқнашувлар ортидан Покистон ҳукумати хавфсизлик сабабли бир нечта асосий чегара ўтказиш пунктларини — жумладан Торхам, Чаман ва Ғулам Хон ўтказмаларини вақтинча ёпди. Натижада минглаб юк машиналари чегарада тўхтаб қолди, савдо алоқалари эса бутунлай тўхтади. Чегарага яқин ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинаётгани хабар қилинмоқда. Афғонистон томони эса Покистон артиллерияси амалга оширган зарбалар натижасида камида 12 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлгани, яна юзг яқин одам яралангани ҳақида маълум қилди.
Халқаро ҳамжамият вазиятдан хавотир билдирмоқда. Саудия Арабистони, Қатар ва Хитой томонларни музокарага чақирди. Қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш эълон қилинган бўлса-да, чегара ҳудудларида вазият ҳануз кескинлигича қолмоқда.


