Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер Фаластинни тан олиш қарорини АҚШ президенти Доналд Трампнинг ташрифи тугагач, яъни ҳафта охирида эълон қилади. У буни Трамп билан 18 сентябрь куни бўлиб ўтадиган қўшма матбуот анжумани давомида мавзунинг асосий масалага айланиб кетишидан хавотирланиб ортга сурган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Reuters маълумотига кўра, АҚШ маъмурияти Фаластинни расман тан олишга қатъий қарши. Шу сабаб бу масала Лондон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштириши мумкин. Бироқ БМТ Бош ассамблеяси йиғилишидан олдин Буюк Британия қарорини расман эълон қилиши кутилмоқда. Худди шу йиғилишда Франция, Канада ва Австралия ҳам Фаластинни тан олиши эҳтимоли бор.
Июль ойида Стармер Ғазодаги оғирлашиб бораётган инсонпарварлик инқирози ортидан Фаластин давлатини тан олиш ниятини билдирганди. Бироқ у бу қарорни Исроил ўт очишни тўхтатиб, узоқ муддатли тинчлик музокараларига розилик билдирса ва БМТ ёрдам етказишни қайта бошлашига имкон яратса, шартли равишда амалга оширишини айтган эди. Аммо Исроил ҳукумати бу шартларга рози эмас.
Бугунги кунда Фаластин давлатини БМТнинг 193 аъзо мамлакатидан 147 таси тан олган. Шу билан бирга, Лондон мери Содиқ Хон илк бор Ғазодаги вазиятни "геноцид" деб атади. Унга кўра, болаларнинг очликдан ўлиши, соғлиқни сақлаш тизимининг қулаши ва озиқ-овқат танқислиги “инсон қўли билан яратилган фожиа”дир. БМТнинг сўнгги ҳисоботида ҳам Исроил Фаластинликларга нисбатан геноцид содир этаётганликда айбланди, бироқ Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу хулосани “бузиб кўрсатилган ва ёлғон” деб рад этди.


