Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 майдаги “Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган “IT-шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар бир вилоятда 1 тадан “IT-шаҳарча” ташкил этиш белгиланган.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ташкил этилган “IT-шаҳарча” биноси 2 қаватли ва 20 та хонaдан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафар ёшларни ўқитиш имкониятига эга.
IT-парк бугунги замон талаблари асосида барпо этилган бўлиб, мажмуада ёшларни IT соҳасидаги ўқув курслари ва хорижий тиллар йўналишларида таълим олишлари ва касб эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган ҳамда 10 дан ортиқ малакали устозлар жалб этилган.
Ушбу объектда “Startap-Garage”, коворкинг зона, фрилансерлар учун жойлар, конференц-зал, шу жумладан, дастурлаш, робототехника, 3D графика, График дизайн, SMM ҳамда замонавий касблар ва хорижий тилларга ўргатиш марказлари мавжуд. Мамлакатимизда бугунги кунда ёшларни замонавий касб-ҳунар ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
IT Park резидентларининг сони 80 тадан 106 тага, иш ўринлари эса 797 нафардан 1 397 нафарга кўпайган. Айни пайтда резидент корхоналарнинг 24 таси IT экспорт, 33 таси рақамли таълим, 46 таси маҳаллий бозорга хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритмоқда. Улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 112,4 миллиард сўмдан ошган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ҳозиргача 28 мингга яқин ёшлар IT соҳасида таълим олган.
Мазкур IT-паркда 12 ёшдан бошлаб ўқувчилар қабул қилинади. Ўқитувчилар эса 19 ёшдан 30 ёшгача бўлганларни ташкил этади.
Маълумот ўрнида, мазкур IT-паркка мактабдан ташқари вақтда ўқувчилар ташриф буюради.
Айни пайтда эса 500 нафарга яқин ўқувчи IT-паркда таҳсил олиб, ўз кўникмаларини намойиш этмоқда.


