Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарилганлигига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади (“антиквар” автомототранспорт воситалари бундан мустасно).
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари (жумладан, маҳалла ёшлари) ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи “Яшил чироқ” мусобақаларини уч босқичда ўтказилишини ташкил этади.
“Яшил чироқ” мусобақалари ҳамда “Энг намунали йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланган ҳудуд” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


