Марказий банк кредит ташкилотлари фаолиятидаги уларнинг хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи камчиликларни аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этиш юзасидан чораларни кўриб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш йўналишида қонунчилик талабларига риоя этилаётганлиги юзасидан TBC банк, Давр банк ва Ҳамкорбанкда ўрганиш ўтказилганда, ушбу банклар томонидан қатор қоидабузарликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди. Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда TBC банкка нисбатан 615,0 млн сўм, Давр банкка нисбатан 931,0 млн сўм ва Ҳамкорбанкка нисбатан 955,0 млн сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди. Шунингдек, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан банкларга аниқ кўрсатмалар берди. TBC банк томонидан кредитни қайтариш жадвалида кўрсатилган тўловлардан кўп келиб тушган маблағлар белгиланган тартибда қарздорликни сўндиришга йўналтирилмаганлиги натижасида қарз олувчиларга ортиқча ҳисобланган 2,5 млрд сўм фоизлар ҳамда кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суд қарорлари чиқарилгандан сўнг қонунга зид равишда ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Давр банк томонидан хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича ортиқча ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар, қонунчиликка зид равишда кредит суммасидан ушлаб қолинган 1,9 млрд сўм маблағлар ва гаров мулкини тақиққа қўйиш учун ундирилган 461,6 млн сўм тўловлар истеъмолчиларга қайтариб берилди. Ҳамкорбанкка эса қонунчиликка зид равишда кредит ажратишда ундирилган 19,2 млрд сўм тўловлар ҳамда гаров мулкини тақиққа қўйиш ва тақиқдан чиқариш учун ундирилган 1,5 млрд сўм тўловлар, шунингдек кредит шартномаларига назарда тутилмаган бўлсада, лекин қарз олувчилардан ундирилган 54,9 млн сўм комиссияларни истеъмолчиларга қайтариб беришни таъминлаш юзасидан вазифалар юклатилди.