Жорий йилнинг 1-октабридан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Сафе Роад мобил иловаси орқали давлат автомобиль рақамларини сотиб олиш имконига эга бўлди. Энди илгари аукционга чиқарилган ва сотилмаган 1–3-тоифа рақамлар тўғридан-тўғри илова орқали харид қилинади.
- Жисмоний шахслар учун: 7 млн сўм (БҲМнинг 17 баравари)
- Юридик шахслар учун: 10,3 млн сўм (БҲМнинг 25 баравари)
Хизмат жараёни содда: фойдаланувчи аввало танлаган рақамни белгилайди, ҳудуд ва рақам форматини танлайди, сўнгра онлайн тўловни амалга оширади. Иловада автомобиль тури ва бошқа параметрлар бўйича қидирув имконияти мавжуд.
Ҳозирда хизмат тест режимида ишламоқда, шунинг учун кўп фойдаланувчи оқими сабабли қисқа муддатли носозликлар кузатилиши мумкин.
2026 йил 1 январдан бошлаб фойдаланувчилар исталган ҳарф ва рақам комбинациясини танлаб, тегишли тўловни амалга ошириш орқали автомобиль рақамини харид қилиш имконига эга бўлади.
Сафе Роад иловаси шунингдек автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш, техник кўрик, суғурта муддати ва бошқа хизматлар бўйича маълумот беради.


