Энди жазо муддатини ўтаганлар ҳам фарзанд асраб олишлари мумкин
Бугунги кунга келиб фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка олганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Оқибатда, ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан, бола савдоси билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда


Айнан шундай ҳолатларни олдини олиш учун Сенатнинг 19-ялпи мажлисида мазкур қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Ушбу қонун билан Ўзбекистонда Оила кодекси ҳамда "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Миллий қонунчилигимизда жорий қилинган фарзандликка олиш институтидан фойдаланилган ҳолда 2017 йилда 4 минг нафар бола суд тартибида фарзандликка олинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 4,1 мингтани, 2019 йилда эса 4,3 мингтани ташкил этган.
Шу сабабли “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқиш белгиланган эди.
Фарзандликка олиш борасидаги ишлар таҳлили ҳамда қонунчиликда мавжуд тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди.
Эндиликда қонун билан ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга нисбатан фарзандликка ва васийликка олиш имконияти яратиляпти.
Аввалроқ "Меҳр дафтари" тизими ва унга кимлар киритилиши ҳақида хабар қилинганди.
Чўлпоной Аҳмедова







