Аввалроқ 5 сентябр куни соат 12:00 дан 36 соат давомида “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилиши ҳақида хабар берилган эди. Бу вақт ичида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари (АГТКШ) ва йирик истеъмолчиларнинг газ таъминоти ҳам чекланади.
Мазкур чекловлар Фарғона водийсининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қарийб 22 км узунликдаги қўшимча магистрал газ қувурини тармоққа улаш ишлари олиб борилаётгани билан изоҳланади. Ушбу янги қувурнинг ишга туширилиши водийнинг барқарор газ таъминотини таъминлашга хизмат қилади.
Энергетика вазирлиги топшириғига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжини қоплаш мақсадида биржа савдоларига қўшимча 2000 тонна автобензин чиқаради. Бу кўрсаткич одатдаги кунлик ҳажмдан 7 баробар кўп бўлиб, аҳолига узлуксиз таъминот кафолатланади.
Шунингдек, нефть базалари 24 соатлик иш режимига ўтказилиб, автобензинни ҳудудий АЁҚШларга мунтазам етказиб бериш йўлга қўйилди.
Маълумот учун, таъмирлаш ишлари давомида аҳолининг табиий газ истеъмолида узилиш бўлмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.


