Фарғонада ҳоким ёрдамчилари ва банк масъуллари қўлга олинди
Банкир сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фарғона вилоятида банк масъуллари ва ҳоким ёрдамчиларининг ноқонуний фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ахборот берди.
Маълум қилинишича, Акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг Ўзбекистон банк хизматлари марказида фаолият юритувчи маҳалла банкири ва ушбу марказ бошқарувчиси ўринбосари ўзаро тил бириктирган ҳолда 2 нафар фуқаро номига 66 миллион сўм кредит ажратиш эвазига 10 миллион сўм пора талаб қилган.
ДХХ ва Ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маҳалла банкири сўралган пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Суриштирув давомида у кредит ажратиш учун аввалроқ 600 минг сўм, банк бошқарувчиси ўринбосари эса 920 минг сўм олганлиги аниқланган.
Шунингдек, “Халқ банки”нинг бошқа масъуллари, Ўзбекистон туманидаги 2 нафар ҳоким ёрдамчиси ҳамда улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари сохта ҳужжатлар асосида бошқа фуқаролар номига 153 миллион сўмлик кредит ажратилишига эришиб, маблағларни нақдлаштириб, талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в" банди (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, банк бошқарувчиси ўринбосари илгари ҳам, 2000 ва 2015 йилларда фирибгарлик ҳамда пора бериш моддаларига биноан судланган бўлсада, ўз хатти-ҳаракатларидан хулоса чиқармаган.







