Ўзбекистон футбол ассотсиацияси миллий терма жамоага янги бош мураббий тайинлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. “Championship Asia” нашри хабарича, Туркия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Фотих Терим Ўзбекистон жамоасини бошқариши мумкин.
Манбаларга кўра, аввалроқ таклиф билдирилган немис мутахассиси Йоахим Лёв рад жавобини бергач, ассотсиация эътиборини Туркия футболининг энг машҳур мураббийларидан бири — 71 ёшли Фотих Теримга қаратди. У таклифни кўриб чиқиш учун вақт сўраган.
Фотих Терим мураббийлик фаолиятини 1987-йилда “Анқарагужу” клубидан бошлаган. Кейинчалик у “Ғозтепа”, “Галатасарай”, “Милан”, “Фиорентина”, Грециянинг “Панатинаикос” ва Саудия Арабистонининг “Аш-Шабаб” клубларида, шунингдек Туркия терма жамоасида турли даврларда ишлаган.
У ўз фаолияти давомида бир марта УЕФА кубогини (ҳозирги Европа Лигаси), саккиз марта Туркия Суперлигасини, уч марта Туркия кубогини ва тўрт марта Туркия Суперкубогини қўлга киритган.


