Маълум қилинишича, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати раҳбарияти АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятидан Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар 60 кунлик муҳлат тугагандан сўнг ҳам қайта бошланмаслиги ҳақида кафолат сифатида талқин қилинаётган мактубни олган. Ушбу хабарни радикал ҳаракат раҳбариятига фаластинлик тадбиркор Бишара Баҳбах етказган. У Трамп маъмурияти ва ҲАМАС ўртасидаги асосий воситачи сифатида танилган.
Манбаларга кўра, хат Ғазодаги уруш ҳолатини бартараф этишга қаратилган дипломатик музокаралар фонида юборилган бўлиб, унда Трампнинг Исроилга бўлган сиёсий босими ортидан ҳарбий операцияларни қайта бошламасликка келишилганига ишора қилинган.
Аввалроқ Доҳада ҲАМАС ва Исроил ўртасида Миср, Қатар ҳамда АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилган эди. Музокаралар натижасида томонлар сулҳга яқинлашган, аммо асосий келишилмаган масала – Ғазо анклавидаги Исроил армиясининг мақоми ва мавжудлиги қолмоқда.
6 июль куни Доҳада бўлиб ўтган навбатдаги музокараларда томонлар ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилишди.


