15-17 февраль кунлари Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов бошчилигидаги делегация Грузияга борди. Бу ерда Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги, “Грузия темирйўллари” АЖ, Поти ва Батуми портлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилган.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири ўринбосари Гурам Гурамишвили билан музокараларда Грузия портлари орқали Ўзбекистон товарларини Европа ва Америка давлатларига тўхтовсиз етказиб бериш масаласи муҳокама қилинган.
Учрашувда, шунингдек, юк ташиш нархи ва муддатини пасайтириш ва тариф преференцияларини кенгайтириш каби масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Томонлар Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашган.


