Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, оғир жиноятларда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган икки нафар фуқаро Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олиниб, мамлакатга топширилди. Жараён Тошкент ва Абу-Даби Интерпол миллий марказий бюролари ҳамкорлигида амалга оширилган.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур шахслар Ўзбекистон ҳудудида содир этилган иқтисодий ва мулкий жиноятлар бўйича қидирувда бўлган. Улар эндиликда тергов ва суд жараёнида ўз қилмишлари учун жавоб бериши керак бўлади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, халқаро ҳамкорлик жиноятчиликка қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айнан шундай ҳамкорлик натижасида, чет элда яшириниб юрган қидирувдаги шахслар юртга қайтарилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Туркияда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фирибгарликда гумонланган бир нечта шахс қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган эди.


