Журналистлар Нобел мукофоти билан тақдирланди
"Новой газеты" бош муҳаррири Дмитрий Муратов ва филиппинлик журналист Мария Ресса "Демократия ва тинчлик учун зарур бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун" Нобел мукофоти билан тақдирланди.

Норвегия Нобел қўмитаси раҳбари Берит Реисс-Андерсеннинг таъкидлашича, "Новой газеты" (1993 йил) ташкил этилганидан буён коррупция, полиция зўравонлиги, ноқонуний ҳибсга олишлар, сайловларни манипуляция қилиш каби мавзуларда танқидий мақолалар эълон қилган. Бунинг учун газета таҳдид, зўравонлик ва қотилликларга дуч келган.
“Газета ташкил этилганидан буён унинг олти журналисти, жумладан, Чеченистон уруши ҳақида ёзган Анна Политковская ўлдирилган. Қотиллик ва таҳдидларга қарамай, бош муҳаррир Муратов мустақиллик тамойилидан воз кечмади ва журналистларнинг танланган мавзуларда ёзиш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилди”, — деди Реисс-Андерсен.
Мария Ресса эса CNNнинг Осиёдаги мухбири. У сўз эркинлигини тарғиб қилиш бўйича кўплаб халқаро ташаббусларда қатнашган. Сўнгги йилларда унга нисбатан тергов журналистикаси ва унинг Рапплер веб-сайти раҳбари лавозимидаги фаолияти билан боғлиқ бир қанча жиноий ишлар қўзғатилди.
Бундан аввал Жоржио Паризи, Клаус Ҳасселман ва Сюкуро Манабе физика бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти совриндорлари деб эълон қилингани ҳамда Нобел мукофоти совриндорлари бу йил ҳам уйларида тақдирланиши ҳақида хабар берилганди.
Насиба Тўхтаева







