Ўзбекистон

Карантиннинг фойдаси

Уйда ўтириш мени дангаса қилиб қўйишидан қўрқардим.

Карантиннинг фойдаси

“Уйда ўтириб қолсам аниқ ишёқмас бўламан”, деган ҳадик бор эди. Ҳеч ишдан қолмасдим. Карантин сабаб уй-ичимиз билан уйдамиз. Бирон иш қилай десам келиндан ортмаяпти. Аввалига мен ҳам ширин овқатлар пиширишимни айтиб мақтандим. Сўнг келиннинг қўлидан қозон-товоқни олдим. Ош дамладим, салатни ҳам ўзим тайёрладим. Дастурхон атрофида қулоқ тутиб жим ўтирдим: қани нима дейишаркин?.. Ҳар тугул роса мақташди, кўнгил учунми ё ростданми, билолмадим.

 

Аммо, чини билан ғайратим жўшди, руҳландим. Бирдан тандирда нон ёпгим келиб қолди. Ўғлимга қараб: “Балки тандир қуриб берарсан-а, бир нон ёпай”, дедим. У индамади, мийиғида кулиб қўйди. Биламан ошхонамиз бору тандирга жой йўқ. Лекин…


— Ҳа, нега куласан? Ростдан нонлар ёпмоқчиман,— дедим ғайратимни яширмай.


— Қўйсанг-чи, — дедилар дадаси. — Ана, мана демай карантин ҳам тугайди. Кегин тандирвой: “Қачон келар экан анави чаққон хоним, нон ёпгани?” — деб кутиб умри ўтсинми, — дедилар кулиб. — Газетингни ўқи, — камига қўшиб қўйдилар.

 

Доимий ҳаракатда бўлганим боис руҳим енгил бўлса-да, вужудимда оғирлик сеза бошладим. Неварамни эргаштириб ҳовлига чиқдим. Бола баҳонасида ўзим ҳам арғамчи учдим. Бира-ам маз-за эдики, бунинг устига ҳур-ҳур шабада ёқимли эсиб турарди.

 

Илгари кўпам эътибор қилмаган эканман, ҳовлимиздаги гулзоримиз чунонам яшнаб турибдики, ял-ял очилган турли гуллар янги келиндек чирой очган. Олма, ўрик, шафтоли, гилос ҳаммаси ҳосил тугиб, барглари яшнаб ажойиб манзара кашф этганини қаранг. Кўзим тушиб, кўнглим яйради.

 

Қарасам, томорқада бўш ер қолган, картошка жўяларини юмшатиб устидан қум солиш керак. Енг шимариб ишга киришдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай кўпқаватли уйда яшаб умрида қўлига кетмон олмаган ўғлим шерик бўлди. Унинг ортидан Жаҳонгирмирзо эргашди. Анча тер тўкиб ишладик. Занг босиб ётган кетмон ялтиллаб қолди ўзиям.

 

Бир пайтлар отам раҳматли тўшакли бўлиб ётиб қолгач, жўжабирдек жон — олти болани едириб-кийдириш биргина онам раҳматлига қолганди. Опам нимжонроқ бўлганлиги боис бригадир Амин ака менинг номимга меҳнат дафтарча очтирганини айтиб, дарсдан кейин бригадга ишга боришимни тайинлаганди.

 

Ўша дамлар кеч кирганда уйга келиб, овқатимни чала-чулпа еб, дарсимни ҳам қилолмай ўрнимга чўзилардим. Томорқа меҳнатидан кейин қотиб ухлаб қоламан, деб ўйлагандим, аммо сира ухлай олмадим. Зиммамда юк бор-да, онамни эсладим, ишлаб толиқдим демасди, бардошига, сабрига тан бермай иложим йўқ.

 

Эсимда ҳар гал эрталаб турсам қўлларим кафтлари қаварган, баданим зирқирарди. Туни билан бемор отамга қараб чиққан онамга билдирмасдан мактабга отланардим ўшанда…
Бу гал ҳам дарров кафтимга қарадим, вужудимга қулоқ тутдим, аммо на қаварганини кўрдим, на танамда оғриқ сездим…

 

                                                                                                                                                     Моҳира Шакарова

custom img

Ўзбекистонда 1,5 миллион хотин-қизни даромадли қилиш режалаштирилмоқда

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбрида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшган аёллар давлат мукофотлари билан тақдирланди, 28 нафар иқтидорли қизга Зулфия номидаги давлат мукофоти топширилди.

custom img

Эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти квотаси икки карра оширилади

Мактабни битириб, давлат техникумларига кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида бўлади.

custom img

Ўзбекистонда  “Даромадли аёл” дастури бошланади.

Мазкур дастур орқали лидер тадбиркорлар ёрдамида касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик йўналишларида 50 минг аёл бандлиги таъминланади.

custom img

Жиззахда алимент тўламаган ота машинасидан айрилди

Маълумотларга кўра, унинг алиментдан қарзи 20 миллион сўмга етган.

custom img

Жиззахда 22,6 млрд алимент ундирилди, 122 нафар қарздор топилди

Жорий йил бошидан буён 900 дан зиёд ижро ҳужжати тамомланган.

custom img

Янгийўлда ота қамалганидан сўнг 25 млн алимент тўлади

Туманида алимент бўйича қарздорларга қонуний чоралар қўлланилмоқда.

custom img

Фарғонада ота 5 минг доллар алимент тўлади

Шу тариқа ижро ҳужжати муддатидан аввал тамомланган.

custom img

Андижонда кредитдан қарздор фуқаро машинасидан айрилди

Қарздорлик ўз вақтида тўланмагани боис МИБ ходимлари томонидан гаровдаги мулк хатланиб, аукцион савдоларига чиқарилган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"