Франция президенти Эммануэл Макрон тўрт кун аввал истеъфо берган Себастьен Лекорнюни яна мамлакат бош вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
Елисей саройи маълумотига кўра, Лекорнюга Франциянинг янги ҳукуматини шакллантириш вазифаси юклатилган.
“Мен республика президенти менга юклаган вазифани масъулият билан қабул қиламан. Биз йил охиригача давлат бюджети қабул қилиниши ва фуқароларимизнинг кундалик муаммолари ҳал этилиши учун барча чораларни кўрамиз. Франция обрўси ва манфаатларига зарар етказаётган сиёсий беқарорликни тугатиш лозим”, — деб ёзди Лекорню ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Себастьен Лекорню илк бор 9 сентябр куни бош вазир этиб тайинланган эди. У Макрон сўнгги икки йил ичида тайинлаган бешинчи ҳукумат раҳбари ҳисобланади.


