НАТО биздан миннатдор бўлиши керак — Толиб Мавлавий
“Толибон”нинг Ҳилманд вилояти бўйича губернатори Ғарбга мурожаат билан чиқди.

Толиб Мавлавий бир неча йил давомида НАТО кучлари билан жангларда қатнашган. Хусусан, Сангин туманида Британия қўшинларига қарши кучларга бошчилик қилган. Мавлавий ҳозирда Ҳилманд вилояти губернатори. У қабулхонасида барчани автомат билан кутиб олаётган бўлса-да, уруш тамом бўлганига ишонади.
Янги Губернатор НАТОга аъзо барча мамлакатларга: “Афғонистонга қурол билан эмас, инвестициялар билан қайтинг. Биз бир-биримиз билан жанг майдонида учрашганмиз, аммо тинч вақтда кўришмаганмиз. Ҳозир сиз ҳукуматимизни тан олиш орқали қалбларимизни ишғол қилишингиз ва ишончимизни қозонишингиз мумкин”, деган Мавлавий.
Шунингдек, у чет эл давлатлари Афғонистонда кўплаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлганини алоҳида қайд этган. Мавлавийнинг сўзларига кўра, Афғонистонда 20 йилдан зиёд тинимсиз уруш бўлди ва мамлакат одатий ҳаётга қайтиши учун маълум вақт керак бўлади. Эндиликда халқаро ҳамжамият афғон халқига гуманитар ёрдам тақдим этиши, таълим, савдо ва бизнес ривожига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган. Шунингдек, у “Толибон” НАТОга ёрдам бергани учун улар миннатдор бўлиши кераклигини айтган.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона вилоят Панжшер вилояти эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилаганини эълон қилди.
Аввалроқ, Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш мақсадида логистик марказ тузилгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







