Ўзбекистонда санитар тозалаш ва ободонлаштириш соҳасида кўп йиллар фидокорона хизмат қилиб келаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус танлов йўлга қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Танловда чиқиндиларни йиғиш, ташиш, саралаш ҳамда шаҳар ва қишлоқларда тозаликни таъминлашда камида 10 йил меҳнат қилган ишчилар қатнашади. “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” номли танловнинг навбатдаги босқичи 2025 йил 1 сентябрда бошланиб, ғолиблар 8 декабрь — Конституция куни арафасида аниқланади.
Энг муҳим жиҳати шундаки, ғолибларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фарзандлари ва набираларининг контракт тўлови давлат томонидан қоплаб берилади. Бу нафақат ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг оилалари учун катта рағбат бўлиши кутилмоқда.
Танлов соҳа ходимларининг қадр-қимматини юксалтириш, экологик маданиятни тарғиб қилиш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини янада самарали қилишга хизмат қилади. Иштирок этишни истаганлар 2025 йил 30 сентябргача Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига ариза топшириши мумкин.


