Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудида абитуриентларни пул эвазига олий ўқув юртларига киритишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди. Аниқланишича, фирибгарлар қабул комиссияларида танишлари борлигини даъво қилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳамда 2 мингдан 4 минг долларгача пора талаб қилган.
Оҳангаронда хусусий олий таълим муассасасининг кафедра мудири тўрт нафар талаба ҳар биридан минг доллардан олмоқчи бўлганида ашёвий далил билан ушланган.
Бухорода эса бир шахс абитуриентга Қирғизистондаги олий ўқув юртида ўқиганлик ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, уни 3 минг доллар эвазига маҳаллий тиббиёт институтининг 3-курсига ўтказиб беришни ваъда қилган. У ҳам пулни олаётганида қўлга олинган.
Пискентда икки фуқаро Тошкент давлат иқтисодиёт университетига қабул қилиш учун “танишлари” орқали 2 минг доллар талаб қилган. Уларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳам фош этилди.
Мазкур учала ҳолат юзасидан фирибгарлик ва пораҳўрлик моддаларига кўра жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда гумонланувчиларнинг бошқа жиноятларда иштирокини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


