Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, талабалар ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича тест синовлари 18–19 август кунлари бўлиб ўтади. Имтиҳонлар икки сменада — соат 08:00 дан 11:00 гача ва 15:00 дан 18:00 гача ташкил этилади.
Тестлар 2 та мутахассислик фани ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади. Талабгорларга мутахассислик фанларидан 30 тадан, мажбурий фанлардан эса 10 тадан — жами 90 та савол берилади. Жавобларни ишлаш ва вараққа кўчириш учун 3 соат вақт ажратилади.
Иштирокчилар тестга кириш учун рухсатномани my.uzbmb.uz сайтидан олишлари мумкин. Улар имтиҳон ўтказиладиган жойга паспорт (ёки ID-карта) ва рухсатнома билан, белгиланган вақтдан кечикмасдан келишлари шарт.
Аввалроқ тасдиқланган ўтиш балларига кўра, энг юқори балл ҳуқуқ соҳаси учун — 165 балл, энг паст балл эса ветеринария йўналишида — 60 балл этиб белгиланган.


