Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида замонавий технологиялардан, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Азиз Тошполатов маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, президент топшириғига мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини кучайтириш, гиёҳвандлик воситалари савдосини аниқлаш ва уларнинг илдизини йўқотиш мақсадида видеокузатув тизимлари ва сунъий интеллект ечимлари кенг жорий этилади.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда 1890 кг дан ортиқ наркотик ва психотроп моддалар мусодара қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилги умумий ҳажмга яқинлашмоқда. Мутахассислар ушбу хавфли муаммони бутунлай бартараф этиш учун аҳоли, айниқса, ёшлар орасида профилактик ишларини кучайтиришни режалаштирган.
Шу муносабат билан, Ички ишлар вазирлиги ҳузурида 24 соат фаолият юритувчи колл-марказ ташкил этилади. Бу марказ орқали фуқаролар наркотиклар ҳақида ишончли маълумот олиши, зарур ҳолатларда мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, "Хавфсиз ва соғлом мамлакат" концепцияси доирасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ва тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилиши белгиланди. 2024 йил баҳорида ўтказилган бундай тадбирлар чоғида 334 кг наркотик восита, 17 мингдан ортиқ тўғли буюм мусодара қилинган, мингга яқин қидирувдаги шахслар қўлга олинган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда гиёҳвандлик ёшармоқда — айрим ҳолатларда 10 ёшли болалар ҳам диспансер назоратига тушмоқда. Гиёҳвандликка психологик босим ва оилавий муҳит муҳим сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида Ўзбекистонда 2024–2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия тасдиқланган бўлиб, унда чегараларни наркотиклар кириб келишидан ҳимоя қилиш, интернет орқали савдонинг олдини олиш ва даволаш хизматларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.


