7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Россия Президентини туғилган куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаолиятида янги муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилади.
Суҳбат чоғида олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Мулоқот давомида маданий-гуманитар алоқаларнинг фаоллиги ва бу борадаги ижобий суръатлар мамнуният билан қайд этилди.
Шунингдек, Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, яқин келажакда ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар жадвалини ҳам кўриб чиқдилар.


