Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 6–7 октябрь кунлари ушбу мамлакатга амалий ташриф билан боради.
Ташриф доирасида давлат раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг Габала шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида иштирок этади.
Ушбу саммит “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида ўтказилиб, унда ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Йиғилишда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилади.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Саммит якунида ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.


